Бош саҳифа Фойдали мақолалар

Фойдали мақолалар

Автомобиль фильтларининг вазифаси ва функциялари

Фильтрлар бараваракайига автомобильнинг бир неча тизимларида ўрнатилади ва  автомобилнинг асосий қисмлари ҳамда двигателининг ишига у ёки бу даражада таъсир кўрсатувчи  тегишли оқимларни тозалаш учун хизмат қилади.
 
Ҳаво фильтри.
Ҳаво фильтрининг асосий вазифаси  двигателга келаётган ҳавони чангнинг абразив зарралари ҳамда бошқа зарарли аралашмалардан тозалашдан иборат бўлиб, бу нарса двигателнинг хизмат муддатини узайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, ҳаво фильтри шовқинни камайтиради ва ҳаво оқимининг бир текислигини оширади, двигателга сув тушиши эҳтимолини камайтиради.
     Ҳаво фильтрларининг энг кўп тарқалган турларига панелли ва ҳалқали фильтлар киради. Бундан ташқари жуда муракккаб конструкциялар ҳам мавжуд бўлиб, улар кўп босқичли фильтрлашни таъминлайди, хаттоки сиқилган ҳаво ёрдамида пуфлаш усули билан  фильтрловчи  элементни автоматик тозалашни амалга оширади. 

Мой фильтри


Мазкур фильтрларнинг вазифаси  мотор мойидан ишловчи юзаларнинг ейилиши натижасида, ҳамда  ёқилғининг ёниши жараёнида  мойга қаттиқ жисмларнинг тушиши оқибатида ҳосил бўладиган  зарарли зарраларни чиқариб ташлашдан иборат.
    Аксарият мой фильтрлари қисмларга ажратилмайдиган конструкция кўринишида бўлиб,  фильтрловчи элемент ҳамда ичида ҳимоя кслапани бўлган  металл корпусдан иборат. Одатда фильтрга иккита клапан-ўтказиб берувчи ва дренажга қарши клапанлар ўрнатилади. Биринчи клапан мойнинг ёпишқоқлиги ортиб кетиши, масалан совуқ ҳавода (двигателнинг совуқ ҳолатда ишга туширилиши) ёки  фильтрловчи эелементнинг ўта ифлосланиб кетиши  оқибатида, у фильтрловчи элементдан бемалол ўтолмай қолганда  ишга тушади. Иккинчи клапан фильтрнинг кириш қисмига ўрнатилиб,  двигател ишлаб турганда у доимо очиқ бўлади. Двигател ўчирилганда  ушбу клапан ёпилади ва  фильтрнинг ичида маълум миқдордаги мойни ушлаб қолиб, унинг қайтадан картерга оқиб чиқишига йўл қўймайди. Бу эса кейинги сафар двигател ишга туширилганда мой дарҳол мойлаш тизимига тушишини таъминлайди.
    Мой фильтлар конструкциясининг бошқа варианти алмаштирилувчи фильтрловчи эелемент (картриж) бўлиб, у двигател цилиндлари блокидаги стационар корпусга ўрнатилади. Юқорида тилга олинган клапанлар мазкур вариантда бевосита двигателнинг ўзида жойлашган бўлади. 

 Ёқилғи фильтри 

Ёқилғини фильтлаш  уларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиладиган металл идишларда мавжуд бўлган чанг, кир, занг зарраларидан,  ёқилғида кечадиган кимёвий жараёнлар натижасида ҳосил бўладиган қатрондан, ҳамда  автомобилга ёқилғи қуйиш пайтида ёқилғи идишига тушадиган сув-ёмғир ва қор конденсатидан тозалаш учун зарур.
    Қаттиқ зарралар ва қатронлар  форсунка ва жиклерларнинг ингичка каналларида тўпланади ва  двигателнинг қувват тизими ишини  издан чиқаради, сув эса занглашга олиб келади, қиш пайтида эса ёқилғи найларида музлаб, двигателни ишга туширишга  ҳалақит беради. Двигателларнинг тегишли турлари (карбюраторли, инжекторли, дизель) учун турли ёқилғи фильтлари ишлатилади. Чунки мазкур ёқилғи тизимлари ёқилғини тозалашнинг турли даражасини талаб этади, уларда турлича ишчи босим ва  ҳар хил ёпишқоқликдаги ёқилғи қўлланилади.

Гидравлик фильтр.

    Бундай фильтлар автомобильнинг гидравлик тизимини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади, механизмларнинг емирилишини камайтиради,  уларнинг иш самарадорлигини оширади, ҳамда муддатидан олдин ишдан чиқишининг олдини олади. Одатда бундай фильтлар  гидроузатмаларда, гидрокучайтиргичларда, юк автомобиллари ва бошқа оғир техника воситаларининг тормоз тизимларида қўлланилади.

Фильтр/кондиционер.

Суюқликларни совутувчи фильтр/кондиционер  ҳам асосан оғир техника воситаларида қўлланилади. Совутувчи суюқликни тозалаш ва унинг кимёвий таркибини унда махсус қўшилмаларни эритиш  йўли билан меъёрлаштириш орқали фильтр совутиш тизимини чўкиндилар, қасмоқлар ҳосил бўлишидан ҳимоя қилади, двигателда иссиқлик алмашинуви яхшилинишига  ёрдам беради. Шуни яхши билиш керакки, двигателлардаги носозликларнинг 40 фоизга яқини бевосита ёки билвосита совутиш тизимидаги муаммолар билан боғлиқ бўлади.  

Трансмиссия фильтри

    Автоматик КППлардаги трансмиссия мойларини тозалаш учун хизмат қилади, бу эса уларнинг емирилишининг камайишига ёрдам беради ҳамда ишлатиш муддатини узайтиради.
    
Вентиляция тизими фильтри
 
Автомобиль салонига чанг киришига тўсқинлик қилади, махсус қатрон ва фаоллаштирилган кўмирли тўлдиргич мавжуд бўлганда эса, ҳавони ишланган газлар ва бошқа зарарли моддалардан ҳам тозалайди.

Автомобиль фильтрларига қўйиладиган асосий талаблар

Дунёнинг етакчи фильтр ишлаб чиқарувчилари ушбу маҳсулотга халқаро стандартлар ва автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг таснифлари (спецификациялари) билан қўйиладиган барча талабларга риоя этишади. Фильтрларга қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
- кўп миқдорда зарарли аралашмаларни ушлаб қолиш;
- оқимга қаршиликнинг паст бўлиши;
- танг вазиятларда (совуқ ҳолда ишга тушириш, мойлаш тизимида босим ва ҳароратнинг юқорилиги ва бошқалар) ишончли ишлаш;
- ҳажмининг кичиклиги;
- сервис хизмати кўрсатиш (алмаштириш) учун қулай жойлашиши;
- экологик талабларга жавоб бериши.

Автомобиль фильтрларини танлаш принциплари

    Фильтрни танлашни қатъий равишда ишлаб чиқарувчининг каталоглари асосида амлга ошириш керак. Айнан шу нарса фильтрнинг маълум бир автомобиль тури ва моделига мос келишини кафолатлайди. Фильтрни ташқи кўринишининг, резьбаларининг ўхшашлигига қараб танлаб бўлмайди. Шуни ёдда тутиш керакки, мутлақо турлича фильтрлар бир хил корпусга ва ўхшаш резьбаларга эга бўлиши мумкин, аммо улар улар ўтказиш имкониятлари, ишчи ва юқори босим, клапанларнинг очилиш ва ёпилиш босими параметрлари, у ёки бу клапанларнинг мавжуд бўлиши ёки бўлмаслиги билан фарқланади.  


Фильтрларни алмаштириш

Биринчи ва асосий қоида:


-    фильтрларни алмаштириш муддатларига қатъий риоя этиш. Бу айниқса, мой фильтрлари учун жуда муҳим. Ҳаво ёки ёқилғи фильтрининг ўта ифлосланиши двигател ишида зарур таркибдаги ишчи аралшамани ҳосил қилиш учун керак бўладиган ҳаво ёки ёқилғи етишмаслиги билан боғлиқ узилишларни келтириб чиқаради. Буни сезиш қийин эмас. Ўта ифлосланган мой фильтрида ўтказиб берувчи клапан очилиб қолади, натижада мойлаш тизимида тозаланмаган мой айланиб юради, бошқача айтганда, двигателнинг эскириш тезлиги бир неча баробар ортиб кетади. Автомобиль ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган муддатларда мой ва фильтр алмаштириб турилганда эса бу ҳол рўй бермайди.

-    Фақатгина сифатли фильтлардан фойдаланиш;  турли ювувчи воситаларни ўта эҳтиёткорлик билан қўллаш, чунки  усларнинг таркибида мавжуд бўлган тажовузкор эритувчилар ва юзаки-фаол моддалар қаттиқ чўкиндиларнинг  жуда кўп миқдордаги йирик зарраларини ювиб кетиши мумкин. Бу эса ингичка мой найчаларида тиқинлар ҳосил қилади ва  мой қабул қилгичнинг тўрини ифлослантиради. Замонавий мотор мойлари таркибида етарлича энг асосийси меъёрлаштирилган миқдорда ювувчи аралашмалар мавжуд бўлиб,  улар мой ишлатиладиган  бутун давр мобайнида двигателни аста-секин тозалаб туради. Синтетик мойлар энг кучли ювувчи хусусиятларга эгадир;

-    Фильтрни алмаштириш чоғида двигателга кирнинг тушишига йўл қўймаслик. Эски фильтрни ечиб олишдан олдин барча тегиб турувчи юзаларни кирдан тозалаш керак;

-    Янги фильтрни ўрнатишдан олдин унинг қистирмаларини мотор мойи билан мойлаш керак. Шунда фильтрни тортиш чоғида резина қистирма металга ёпишиб қолмайди, чунки  шундай қилинмаса, қистирма зарарланиши мумкин;

-    Янги фильтрни ўрнатиш чоғида автомобиль ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган тортиш кучига риоя этиш керак. Одатда фильтр қистирмаси двигател блогига текканидан сўнг фильтр яна ¾ айланма миқдорида буралади.

Ҳаво фильтларини алмаштириш бўйича тавсиялар:

-    эски фильтрни корпусдан чиқариб олиш чоғида  киритиш тизимига чанг тушишига йўл қўймаслик керак;

-    эски фильтрни чанг ютгич ёрдамида ёки бошқа воситалар билан тозалашга уринмаслик лозим, чунки  фильтр барибир тикланмайди, фильтрловчи материалга  зарар етиш эҳтимоли жуда ортади, натижада фильтрлаш умуман тўхтаб қолиши мумкин.
              
 

 
Copyright © FILTR.UZ

Сайт VERSUS да яратилган
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш.,
Кичик халқа йўли, “Фарход” бозорининг автомобиль эҳтиёт қисмлари бўлими, 82-дўкон. Тел: (+998-71)236-36-34 Факс: (+99871)236-13-28
E-mail: info@filtr.uz